Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Польшага кириб олган мигрантларни Беларусь ҳудудига қайтариб юборишни тақиқлаб қўйди – бу ҳақдаги қарор суд сайтида эълон қилинган.
2021 йил 20 августидан 3 декабрига қадар ИҲЕС жами 198 нафар арзгўйнинг Евроиттифоқ ҳудудида хавфсиз бўлишини таъминлаш сўралган 47 та илтимосномасини кўриб чиққан.
Энг кўп шикоят Польша ҳукумати устидан берилган (44 та), яна иккита ҳолатда – Латвияга ва битта ҳолатда Литвага қарши даъво қўзғатилган.
“Аксар мурожаатларда ариза берувчилар Польша ҳудудида эканларини билдириб, уларни Беларусга қайтариб юбормасликни илтимос қилишган. Суд 39-қоидани қўллаб, ариза берувчилар, агар улар ростдан ҳам Польша ҳудудида бўлса, ушбу мамлакатдан чиқариб юборилмаслиги кераклиги ҳақида қарор чиқарди”, дейилган суд қарорида.
ИҲЕС, шунингдек, Варшавадан Беларусь-Польша чегарасида турган 32 нафар афғонистонлик ёнига адвокатларни ўтказишни сўраган. Айрим ҳолларда Страсбург мигрантларни овқат, сув, кийим-кечак, тиббий ёрдам ёки вақтинча бошпана билан таъминлашни талаб қилган.
Беларусь-Польша чегарасида юзага келган миграция инқирози декабрь ойига келиб бирмунча юмшаган. Хусусан, мингга яқин ироқлик мигрант юртига қайтарилгани айтилмоқда.
ЕИ мамлакатлари миграция инқирози вужудга келишида Лукашенко режимини айблайди. 2 декабрь куни Евроиттифоқ Беларусга қарши бешинчи санкциялар туркумини жорий этган. Бу каби чеклов чораларини Минскка нисбатан АҚШ Молия вазирлиги ҳам қўллаган.