Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Украинанинг аннексия қилинган Қримда инсон ҳақлари бузилаётгани бўйича Россия устидан берган шикоят аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилди. Бу ҳақда 14 январь куни маълумот тарқатган Страсбургдаги суд иш мазмуни бўйича қарор кейинроқ қабул қилинишини билдирган.
Қарор Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сайти орқали ёйинланган. Суд шикоят аризасини “қисман мақбул” деб топган, бироқ ҳужжатлардан келиб чиқилса, маҳкама Украина шикоятида акс этган кўплаб масалани кўриб чиқишга розилик берган.
Бошқа масалалар билан бир қаторда суд Қримдаги қотиллик ҳолатлари Россия томонидан етарлича тергов қилинмагани, қонунга зид равишда қамашлар ва одамларга нолойиқ муносабатда бўлиш, русийзабон бўлмаган оммавий ахборот воситаларининг таъқиб қилиниши ва бошқа тиллардаги таълимнинг чекланиши, Россия фуқаролигининг автоматик тарзда берилиши, мол-мулк экспроприацияси (тортиб олиниши), қрим татарларига нисбатан юритилаётган қатағон сиёсати бўйича айбловлар кўриб чиқилади. Суд Қримда тинч аҳоли вакилларини ўлдириш ва чет эллик журналистларга қарши репрессиялар бўйича Россияга қарши айбловларни кўриб чиқишдан бош тортган, чунки, маҳкама вакилларига кўра, бу ўринда Россия маъмурияти томонидан жорий этилган умумий амалиёт ҳақида гапириш учун асос йўқ.
Суд қарорида бошқа ҳолатлар билан бир қаторда Россия Қримни расман 2014 йил мартида аннексия қилган бўлса-да, яриморол ҳудудида россиялик ҳарбийлар томонидан қатор маъмурий бинолар эгаллаб олинган 27 февралдан эътиборан “феълан назорат”ни амалга ошира бошлагани қайд этилган. Суд Қримда 2014 йил 27 февралидан 2015 йил 26 августигача бўлган даврдаги муҳтамал инсон ҳуқуқлари бузилишларини кўриб чиқади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди маҳкамада Қримнинг Россия таркибига қўшиб олинишининг нақадар қонуний бўлганига оид масала кўриб чиқилмаслигини алоҳида урғулаган.
Украина Қримда Россия томонидан инсон ҳақлари бузилаётгани юзасидан Страсбург судига шикоят аризасини ҳали яриморол аннексияси ҳақида эълон қилинмай туриб 2014 йил 13 мартида топширган. Кейинчалик шикоят бандлари тўлдирилиб борган. 2018 йилда уларнинг барчаси битта ишга жамланган. Эндиликда бу иш Страсбург судининг Катта палатаси томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.