Европадаги уч ўлка 28 майдан Фаластин давлатини тан олмоқчи

Норвегия, Испания ва Ирландия ҳукумати раҳбарлари 22 май куни ўз мамлакатлари Фаластин давлати мустақиллигини тан олишини эълон қилишди. Мазкур қарор кейинги ҳафта — 28 майдан кучга киради.

“Бу қарорни амалга ошириш учун эндиликда ҳар биримиз зарур бўлган қадамларни қўямиз”, дея билдирган Ирландия бош вазири Саймон Ҳаррис матбуот анжуманида.

Ҳаррисга кўра, бу қарор Фаластин-Исроил можаросини Фаластин ҳудудида Исроилга қўшни бўлган мустақил араб давлатини барпо қилиш бўйича режани амалга ошириш йўли билан ҳал қилишга кўмаклашади. Бунга оид бошқа тафсилотлар, масалан Фаластин давлатининг пойтахти деб қайси шаҳар тан олинишига оид маълумотлар келтирилган эмас.

Бу қадамга жавобан Исроил Осло, Дублин ва Мадриддаги ўз элчилари чақириб олинишини билдирган.

Дублиндан келган хабарни изоҳларкан, Исроил ТИВ Ирландия расмийларини ҲАМАС қўлида қўғирчоқ бўлмасликка чақирган – АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти ўлароқ тан олинган мазкур гуруҳ Ғазо секторида ҳокимиятни назорат қилади. Исроиллик дипломатлар мустақил Фаластин давлатининг тан олиниши Яқин Шарқдаги ҳар қанақа тинчлик истиқболини хавф остига қўйишини урғулаган.

Фаластин давлати мустақиллигини БМТга аъзо 193 та мамлакатдан Хитой ва Россия дохил 138 таси тан олади. Айни пайтда Исроил, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия каби мамлакатлар Фаластин мустақиллигини тан олмай келишади.

Исроил Фаластин мухторияти ҳудудига кирадиган Ғазо секторида бир неча ойдан буён ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда. Мазкур амалиёт ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавоб ўлароқ бошланган. Ўша пайтда жиҳодчилар ҳужуми туфайли 1200 нафар одам қурбон бўлган, икки юз элликка яқин исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб чиқиб кетилган. Уларнинг юздан зиёди тақдири ҳақида ҳозиргача ҳеч нарса маълум эмас.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.