Жорий йилнинг 20 январь куни Европа парламенти Қозоғистонда рўй берган январь воқеалари бўйича резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. 27 банддан иборат ҳужжатда мамлакат ҳукумати фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини таъқиб қилишни тўхтатишга, ҳибсга олинганларни озод этишга, асоссиз қамашлар ва қийноқларни тўхтатишга, тинч йиғилишларга тўсқинлик қилмасликка чақирилган.
Резолюцияда қайд этилишича, Қозоғистон ҳукумати намойишларга “номутаносиб зўравонлик” билан муносабатда бўлган; “терроризм” ва “экстремизм” тушунчаларини сўз эркинлиги ва ўзгача фикрлашни чеклаш учун бузиб талқин қилган. Тоқаевнинг “огоҳлантиришсиз ўт очиш” буйруғи Европарламент ҳужжатида “Қозоғистон томонидан яшаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларнинг бузилиши” деб аталган.
Резолюцияда ЕИ Кенгаши “2022 йил январдаги намойишлар чоғида содир этилган жиддий қонунбузарликлар учун жавобгар бўлмиш Қозоғистоннинг юқори мартабали мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этиш”га, халқаро ҳамжамият эса “Қозоғистон халқига қарши амалга оширилган жиноятлар бўйича зудлик билан халқаро тергов бошлаш”га чақирилган.
Европарламент, жумладан, Қозоғистон президентини огоҳлантиришсиз ўт очишга доир ҳар қандай буйруқни бекор қилишга чақирган, шунингдек, унинг намойишчиларни “террорчилар”га менгзаганини қоралаб, улар сонига оид баёнотларини “асоссиз” деб атаган.
Европарламент депутатлари январь воқеаларини 2011 йилда Жанаўзенда содир бўлган хунрезликка тенглаштирганлар.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 21 январдаги баёнотида Европарламент резолюцияси “бирёқлама ва нохолис хулоса ва маълумотларга асосланган”ини иддао қилган.
“Қозоғистон Республикаси раҳбарияти томонидан қўзғатилган расмий тергов натижалари эълон қилинмасдан бу каби ҳужжатлар қабул қилинишини ножоиз деб ҳисоблаймиз. Яна бир карра тасдиқлаймизки, тергов натижалари халқаро жамоатчиликка тақдим этилади”, дейилган Қозоғистон ТИВ баёнотида.