Европарламент Россияга SWIFT тизимидан узиб қўйиш билан пўписа қилди

Жорий йилнинг 29 апрель куни Европарламент рус армияси Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда Россияга нисбатан кескин санкциялар жорий этишни назарда тутувчи резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатдан Россияни SWIFT халқаро банк тўлов тизимидан узиб қўйиш, Россия гази ва нефти импортига эмбарго жорий қилиш, россиялик олигархлар ва уларнинг оила аъзоларининг ЕИга киришини тақиқлаш ва уларга қарашли активларни “музлатиш” каби чоралар ўрин олган.

“Россия, Алексей Навальний иши, Россиянинг Украина билан чегарада ҳарбий ҳозирлигини кучайтириши ва Чехия Республикасига хуружи ҳақида” деб номланувчи мазкур резолюция Европарламентда кўпчилик (569 та) овоз билан қабул қилинган, қарши овозлар сони 67 тани ташкил этган.

Европарламент ҳужжатида “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишини тўхтатиш, Навальнийнинг таъқиб қилинишида иштирок этган шахсларга нисбатан санкция жорий этиш, шунингдек, Чехия билан якдиллик белгиси ўлароқ россиялик дипломатларни ЕИ мамлакатларидан бадарға қилиш каби жазо чораларини ҳам зудлик билан қўллаш таклиф қилинган. Бундан ташқари, Европа мамлакатларида “Магнитский қонуни”га ўхшаш қонун қабул қилиниши ҳам мумкин.

Россияни SWIFT тизимидан узиб қўйиш, ундан нефть ва газ сотиб олмаслик биринчи марта таклиф қилинмоқда. Европарламент аъзоларига кўра, мазкур чоралар Россияни Украинага тажовуздан воз кечишга мажбур этади. Зеро, ҳужжатда айтилишича, қўшинларнинг чегарадан чекинтирилганига оид хабарларга қарамай, Украина билан боғлиқ хавотирлар тарқаганича йўқ.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель аввалроқ Россияни SWIFT тизимидан узиб қўйиш ва “Шимолий оқим-2” қурилишини тўхтатиш Евроиттифоқ ваколатига кирмаслигини айтган. Боррель Россия ҳукумати ЕИ билан конфронтация йўлини танлаган бўлса-да, у билан мулоқот каналларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаган эди.