Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олишга оид резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақдаги ҳужжат ассамблея сайтида ёйинланган.
“ЕХҲТ Парламент ассамблеяси “Вагнер” гуруҳининг Россия ҳукумати манфаатлари йўлидаги хатти-ҳаракатлари ўз табиати ва мақсадига кўра ҳуқуқан террорчилик ҳаракатлари деб тавсифланиши мумкин, шунинг учун ҳам “Вагнер” гуруҳи давлатлар расмийлари томонидан террор ташкилоти деб тан олиниши асосли, деб белгилайди”, дейилган баёнот матнида.
Резолюцияда “Вагнер” ХҲШ Россия давлати манфаатлари йўлида ҳаракатлангани ва Владимир Путиннинг ўтган ҳафтадаги нутқида эътироф этилганидек, тўлалигича давлат томонидан молиялаштирилгани қайд этилган.
Ассамблея Беларусни ҳам “Вагнер” ХҲШни дастаклагани ҳамда ўз ҳудудида ёлланмалар учун база барпо этишга рухсат бергани учун қоралаган. Резолюцияга мувофиқ, бу ҳаракатлар “Болтиқбўйи мамлакатлари хавфсизлигини таҳдид остига қўяди”.
“Вагнер” ХҲШ ва унинг асосчиси Евгений Пригожиннинг 23-24 июндаги исёни ортидан ёлланмаларга Александр Лукашенко воситачилигида Беларусга кўчиб ўтишга рухсат берилгани маълум бўлган эди. ОАВда Беларуснинг Могилёв вилоятида муҳтамалан “вагнерчилар” учун чодир лагери ҳозирланганига оид сунъий йўлдошдан олинган суратлар пайдо бўлганди.
Депутатлар ЕХҲТнинг барча мамлакатларини “Вагнер” ХҲШ фаолиятига чек қўйиш учун ўз тасарруфларидаги ҳуқуқий воситалардан фойдаланишга, шу жумладан ХҲШни террор ташкилотлари рўйхатига қўшишга чақиришган.
Жорий йилнинг 23 мартида Литва сейми “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олиш учун овоз берган Европадаги илк парламент бўлган эди. Май ойида Франция парламенти ҳам ана шундай қарор қабул қилган.
Апрель ойида Европа Иттифоқи “Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузида фаол иштирок этгани учун” “Вагнер” ХҲШни санкция рўйхатига қўшган эди.
ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг галдаги сессияси 30 июндан 4 июлгача Канаданинг Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтди. Унда, ташкилот сайтида ёйинланган маълумотга кўра, ассамблеяга аъзо 57 та мамлакатдан 50 таси иштирок этган.
ЕХҲТ ҳозирги пайтда хавфсизлик бўйича Россия, АҚШ ва Украина аъзо бўлган Европанинг ягона ташкилоти бўлиб ҳисобланади.
Ўтган йил ноябрида Украина Россия ташкилотдан чиқариб ташланмагунича, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси мажлисларини бойкот қилишини билдирган.
ЕХҲТ бош котиби Хельга Шмид музокара каналларини сақлаб қолиш учун Россиянинг ташкилот ичида қолиши лозимлигини қайд этган.