Ейскдаги авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 13 кишига етди

Краснодар ўлкасидаги Ейск шаҳрида 17 октябрь оқшомида ҳарбий учоқ қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони, Россия ФВВ тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, уч бола дохил 13 кишига етган, яна 19 киши яраланган.

Душанба оқшомида Су-34 учоғининг 9 қаватли тураржой биноси ёнига қулагани натижасида кучли ёнғин юзага келган. Учоқ пилотлари катапульта қилишга улгуришган.

Россия Мудофаа вазирлиги қайдича, ҳарбий учоқ машғулот парвози пайтида қулаб тушган. Учувчилар ҳисоботига кўра, авиаҳалокатга ҳавога кўтарилиш вақтида двигателлардан бирининг ёниб кетгани сабаб бўлган.

Ҳодиса ортидан 9 қаватли уй турғунлари эвакуация қилинган.