Йил охирига бориб Россияда 130 минг таксичи етишмайди

Иллюстратив сурат

Россияда такси ҳайдовчилари танқислиги 2024 йил охирига бориб 130 минг кишини ташкил қилади. Бу ҳақда “Яндекс Go”нинг давлат идоралари билан ишлаш бўйича директори Антон Петраков Шарқий иқтисодий форум чоғида билдирди.

Унга кўра, бу миграция сиёсатининг кучайтирилгани ва такси соҳасида тартибга солишлар билан боғлиқ.

Ҳайдовчилар даромади ўз даромадларига тенг, бироқ талаб ва харажат кам бўлган бошқа соҳаларга ўтиб кетишмоқда”, деган Петраков.

Ҳайдовчилар етишмаётгани таксида йўлкира ҳақлари ошишига таъсир кўрсатмоқда. Куз ва қиш ойларида тиғиз соатларда нархлар, Петраковнинг урғулашича, “ўнлаб фоизгача” ошиб кетиши мумкин.

Аввалроқ “Агентлик” нашри Россиядаги минтақаларнинг учдан бирида ҳамда Россия томонидан аннексия қилинган Қримда мигрантларнинг айрим соҳаларидаги фаолиятига чеклов киритилиши мумкинлиги ҳақида ёзиб чиққан эди. Мигрантларга энг кўп таксида ишлаш тақиқланмоқда – бундай таъқиқ РФнинг 27 та минтақасида амалда.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги теракт ортидан Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетган. Расмий тахминларга кўра, бу теракт Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган.

Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижлик ишчилар яшаган ва ишлаган жойлар бўйлаб рейдлар уюштира бошлашган. Баъзи пайтларда мигрантларни ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказиш ҳолатлари кузатилган.

2024 йил бошидан буён Ички ишлар вазирлиги ходимлари 65 мингдан зиёд хорижликни Россиядан чиқариб юборишган, шунингдек, 120 минг мигрантнинг РФ ҳудудига киришига тўсқинлик қилишган. Бу орада Россияда кадрлар етишмаслиги манзарасида мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушган.