Ўзбекистонда биринчи галда эмланиши лозим бўлган аҳоли сони 4 миллион 112 минг 668 нафарни ташкил этади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталовага кўра, даставвал эмланиши керак бўлганлардан 1 миллион 85 минг 797 нафари 65-74 ёшгача, 388 минг 686 нафари 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган қариялар, 139 минг 280 нафари 85 ва ундан юқори ёшдаги кексалар, 447 минг 976 нафари тиббиёт ходимлари, 888 минг 190 нафари сурункали касалликлари бор кишилар (18-65 ёш), 689 минг 383 нафари мактаб ўқитувчилари, 223 минг 426 нафари боғча ходимлари, 180 минг нафари эса Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидир.
Мулозима мазкур контингент ўзлари жойлашган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланишини билдирган.
В. Муталова Ўзбекистонда эмлов жараёнига 3138 та эмлаш пунктлари, 862 та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси) жалб этилганини қўшимча қилган.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш ҳақида президент Ш. Мирзиёев 10 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида топшириқ берган.
Аввалроқ Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда, яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилганини билдирганди.
Аҳолини эмлашда қайси вакцинадан фойдаланилиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Ўзбекистонликлар Хитой ва Россияда ишлаб чиқарилган ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар воситасида эмланиши тахмин қилинмоқда.