2025 йилдан Тошкент жамоат транспортида йўлкира ошади

Тошкентдаги автобуслардан бири (архив сурати)

Тошкент шаҳри жамоат транспортида йўлкира оширилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори билан 2025 йил 1 январидан пойтахт жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланяпти:

• бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3000 сўм. Бир йўловчи қатнови учун бир марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда ва рағбатлантирувчи чегирма қўлланганда эса 1700 сўм ундирилади;

• бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат ҳақи – 4000 сўм;

• қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1600 сўм.

Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва улардан фойдаланган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли транспортдан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиқиб қўлланадиган имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархи ўзгармайди.

Пойтахтдаги барча автобуслар салонида йўлкирани нақд пулда олиш тартибидан воз кечилади ва уни фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

Озодлик Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўлкира нархи охирги марта 2023 йил 1 ноябрида ошгани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистон пойтахтида жорий йил 31 октябридан эътиборан иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари тарифи ҳам 15 фоизга қимматлаган.