Йўл нозирлари мажбурий “план”дан шикоят қилишмоқда

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри ЙҲХХ ходимидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Телеграм гуруҳда ЙҲХХ мутасаддилари томонидан берилган топшириқда ҳар бир ходим кунига 20 тадан қоидабузарликларни қайд этиши, шунингдек, автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича 2 та ҳуқуқбузарликни аниқлаши лозимлиги айтилган. 20 та баённомадан 10 таси маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қўпол қоидабузарликлар бўлиши керак.

ЙҲХХ ходими тизим вакиллари гарданига “план” юклаб, унинг ижросини қаттиқ назорат қилаётган мулозим Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов эканини айтган. Телеграм мессенжери орқали юборилаётган топшириқлар ҳам айнан “С.Н.Назирханов” профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.

Мазкур профиль эгаси топшириқларнинг бирида “АВТО ПАТРУЛЬ” рейд тадбири ўтказилаётганига қарамай, маст ҳайдовчилар аниқланмаётганидан ёзғирган.

Мажбурий фалонча қоидабузар топасан, деган топшириқлар жуда кўп. Масалан, мастларни аниқлайсан, қаердан бўлса ҳам топ, дейди. Кўчада маст ҳайдовчи бўлмаса, биз нима қиламиз?” деган исми сир қолишини сўраган йўл нозири “Kun.uz” нашрига.

“Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ” профилидан юборилган бошқа бир топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига “раҳбарият эътироз билдиргани” баён қилинган. Инспекторлар “қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишларини кучайтириши лозим”лиги уқтирилар экан, “иш натижалари юзасидан ҳар бир ходим билан шахсан 601 чи гаплашиши” писанда қилинган. Топшириқларни бажармаган раҳбар ва кураторлар қаттиқ интизомий таъсир чораларидан огоҳлантирилган.

“Kun.uz”га мурожаат қилган тизим вакилига кўра, йўл нозирларига қўшимча тўловлар тўланмаётир, иш вақти борасидаги меъёр ҳам бузилмоқда.

Доим кўчада туриб хизмат қиламиз, сержант унвонига эга инспекторларнинг ойлиги 7,3 миллион сўм. Олдинлари ҳар бир ёзилган протоколимиздан 10 фоиз қисми бизга бериларди, шу билан ойликка 4-5 миллион сўм қўшилган. Бу ходимлар яхши ойлик олиб, пора олмаслиги учун қилинган эди. Лекин бир йилдан ошди, қўшимча пулни ёзган протоколимизга эмас, балки умумий сумма қилиб қўйди. Энди ойликка қўшимча 300 мингдан 500 минг сўмгача оляпмиз”, деган ЙҲХХ ходими.

Бундан ташқари, иш тиғизлиги ва дам олиш учун шароит яратилмаётгани сабаб йўл нозирлари оиласи ва болаларига вақт ажрата олмаётгани маълум қилинган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан “Kun.uz”га йўллаган қисқа жавобида “бугунги кунда эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият (план) белгилаш амалиёти бекор қилингани”ни билдириш билан чекланган.