Ўзбекистонда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди. Дарё.уз нашрининг ёзишича, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.
Ш. Мирзиёевга кўра, вазифанинг муҳимлиги инобатга олиниб, ДХХ ёшлар муаммолари бўйича режаларнинг жойларда амалга оширилишини назорат қилади.
Йиғилишда Республика ишчи гуруҳи жойларда ёшларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганаётгани, шу пайтгача пойтахт Тошкент ва 6 та вилоятда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилгани қайд этилган.
Мазкур мулоқотлар чоғида билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланган, бу дастурларнинг ижросини таъминлаш ДХХга топширилган.