Россиянинг Киров вилоятида 85 ёшли кампирни зўрлагани ва ўлдиргани учун қамалган собиқ вагнерчи Иван Россомахин РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, яна Украинага қарши урушга кетган. Бу ҳақда адвокатлари жабрланувчи томон манфаатини ҳимоя қилган “Травмпункт” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълум қилди.
Россомахин 2023 йилнинг март ойида ўта шафқатсизлик билан 85 ёшли аёлни ўлдирган. 2024 йил апрелида суд уни 22 йилга озодликдан маҳрум қилган, июль ойида эса апелляция суди жазо муддатини 23 йилга чиқарган. У мақтуланинг яқинларига икки миллион рубль миқдорида товон пули ҳам тўлаши лозим бўлган.
Маҳкум жазо муддатини ўтаётган 1-жазо колонияси бошлиғи Иван Половников ўлган аёлнинг яқинларига Россомахин Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, 2024 йил мартида қабул қилинган қонун асосида қамоқхонадан чиқиб кетганини маълум қилган.
2020 йили Иван Россомахин қотиллик ва талончилик учун 14 йилга қамалган эди. 2022 йил сентябрида у “Вагнер” ХҲШ томонидан урушга ёлланган; хизмати тугаганидан сўнг у Россия президенти Владимир Путин томонидан афв қилинган.
Украина уруши бошланганидан кейин Россияда маҳкумларни ёппасига урушга ёллаб, Украинага йўллай бошлаганлар. 2023 йил баҳоригача улар Евгений Пригожиннинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати томонидан урушга ёлланган. Кейин эса улар тўғридан тўғри Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи “Шторм Z” бўлинмаси билан шартнома имзолашни бошлашган.
“Верстка” нашри томонидан ўрганилган суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2023 йили афв қилинган вагнерчиларга нисбатан камида 190 та жиноят иши қўзғатилган – улардан 20 таси қотиллик ёки одам ўлдиришга қасдланганлик, бошқалари зўрлаш, талончилик, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича очилган.