YouTube бош директори Сьюзан Вожицки Алексей Навальний жамоасига оид видеонинг платформада блокланишига илк бор изоҳ берди.
Bloomberg TV каналига берган интервьюсида Вожицки YouTube ўз фаолиятида сўз эркинлигини ҳануз “энг муҳим қадрият” деб билишини айтган. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, “ҳукуматлар билан ишлаётган пайтда маҳаллий қонунлар ёки воқеа-ҳодисалар сингари кўплаб омилларни ҳисобга олмоқ лозим”.
Мухолифатчи Алексей Навальний “Twitter”даги саҳифасида YouTube’ни танқид қилиб, ширкат Путиннинг “ҳамтовоғи”га айланиб қолгани ҳақида ёзган.
Аввалроқ YouTube мулкдори бўлмиш Google ширкатига Россия ҳукумати томонидан таҳдидлар бўлгани, агар “Ақлли овоз бериш” иловасини блокламаса, бир қанча ходими қамоққа олиниши айтилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
Ширкатга кўра, 2011 йилдан бери барча ҳукумат сўровларининг ярмидан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Вожицки Россия ҳукумати YouTube’дан видеони ўчиришни қанчалик кўп талаб қилиши ва Google бу талабларнинг барчасини бажариши ёки бажармаслигига изоҳ бермаган.
2010 йилда Google Хитойда ўз қидирув тизими ва асосий сервислари фаолиятини тўхтатган. Ширкат бунга цензура ва сиёсий босимларни сабаб қилиб кўрсатган. Сьюзан Вожицки Россия билан боғлиқ вазиятда ширкат бошқа йўлдан бориши мумкин, деб ҳисоблайди.
17 сентябрь куни Google ва Apple ўзининг Россиядаги онлайн дўконларидан “Ақлли овоз бериш” дастури функцияларига эга “Навальний” иловасини ўчириб ташлаган. Эртасига Google ширкати Google Docs’дан “Ақлли овоз бериш” дастури тавсия қилган номзодлар рўйхатини, YouTube эса ушбу тавсиялар берилган видеони тармоқдан ўчирган.