Фарғонадаги йўл-транспорт ҳодисасида болалар ҳалок бўлгани рад этилди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати Учкўприк туманида автотўқнашув оқибатида олти нафар бола ҳалок бўлгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларни рад этди.

Расман билдирилишича, 21 ноябрь куни соат 08:20 ларда туманнинг Меҳнатобод маҳалласи ҳудудида “ҳайдовчи Ш.Э., “Isuzu” русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, оралиқ масофани сақламасдан светофорнинг қизил ишорасида тўхтаб турган Б.М., бошқарувидаги “Damas” русумли автомашинаси билан тўқнашган”.

Бунинг оқибатида “Damas” автомашинасининг икки аёл йўловчиси - 1987 йилда туғилган М.Д., ва 1988 йилда туғилган Г.Қ., воқеа жойида вафот этан. Яна 4 киши тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.Э.,га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тўқнашув оқибатида олти нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани иддао қилинган маълумотлар тарқатилган эди.