Ўзбекистонда 2024 йилдан юк машиналаридан йиғим олинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2024 йил 1 январидан юк кўтариш қуввати 10 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситалари ва тиркамалардан автомобиль йўлларида ҳаракатланиш ҳуқуқи учун йиғим олинади. Бу ҳақда 2024 йилга мўлжалланган бюджет қонунида қайд этилди.

Қонунга мувофиқ 10 тоннадан 25 тоннагача юк кўтара оладиган автомашиналардан йилига БҲМнинг 5 баравари миқдорида, яъни 1,7 миллион сўм йиғим олинади.

Юк кўтариш қуввати 25 дан 35 тоннагача бўлган автотранспортдан БҲМнинг 8 баравари – 2 миллион 720 минг сўм, 35 тонна ва ундан юқори юк кўтарувчи машиналардан БҲМнинг 10 баравари, яъни 3 миллион 400 минг сўм йиғим олинади.

Қонунга асосан бу йиғимдан тушган маблағ автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.