“Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда педофилияда айбланиб, судланган шахслар 25 йил қамоқдан кейин ҳам жамиятга шунчаки қайтарилмаслиги керак, деган фикрда.
Ўз Telegram-каналидаги постида у “педофилия бу шунчаки жиноят эмас”лиги, балки “Халқаро касалликлар квалификациясига киритилган ўта оғир руҳий касаллик” эканига эътибор қаратган.
Унга кўра, педофилия ва жинсий жиноятлар учун энг оғир жазо берилиши ва қўшимча жазо чоралари киритилиши керак.
Бекмуродов педофилларга нисбатан “мажбурий даволаш, кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётларини ҳам жорий қилишда шубҳа бўлмаслиги зарур”лигини таъкидлаган.
Ўзбекистонда педофилияга қарши жазо чораларини кескинлаштириш лозимлиги юзасидан баҳслар Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни 12 яшар қизчанинг мурдаси топилгани ортидан кучайди.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фойдаланувчиларнинг кўпи мамлакат қонунчилигида педофиллар учун берилажак жазо чоралари етарли эмаслигидан нолияпти. Айни пайтда айримлар мамлакатда суд мустақиллиги таъминланмагунича, бундай амалиётни жорий қилиш хатарли эканидан баҳс этишмоқда.