“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон Энергетика вазирлигини газга оид ҳамкорлик бўйича Россиянинг “Газпром” ширкати билан имзоланган “йўл харитаси” мазмунини очиқлашга чақирди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куни кеча “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан газ соҳасидаги ҳамкорликка оид “йўл харитаси”ни имзолагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. “Газпром” матбуот хизмати мазкур ҳужжат мазмунига доир тафсилотларни ошкор қилмаётгани ўзбек жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида турли саволларни уйғотган.
“Йўл харитаси”нинг имзоланиши Ўзбекистон энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинаётганига эътибор қаратган Бекмуродов мазкур ҳужжат ҳуқуқий жиҳатдан томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини урғулаган.
Шунга қарамай, у Энергетика вазирлиги "Йўл харитаси"нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим, деб ҳисоблашини билдирган.
“Юксалиш” раиси телеграм-каналидаги ўз постида ўтган декабрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг: "Биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз", деган жумласини эслатган ва бу баёнот Тошкентнинг газ борасидаги қатъий позицияси бўлганини таъкидлаган.
“Миллий манфаатларимиз учун бу энг тўғри позиция эканлигини таъкидлаган ҳолда, Ҳукуматнинг энергетик инқирозни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай хавфларни олдини олишга қаратилган қўшимча дипломатик ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдирамиз”, деб ёзган Бобур Бекмуродов.