Юнусободни сув босди. Сувсозларнинг баёнотига энергетиклар раддия берди

Юнусобод туманидаги сув тошқинига оид лавҳа (Газета.uz фотоси)

Жорий йилнинг 3 июль куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани мавзеларини сув босди. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, бунга Қорақамиш ҳамда Мойқўрғон кўчалари кесишмасидаги қувурда юзага келган носозлик сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда кўп қаватли уйларнинг йўлакларигача сув остида қолганини кўриш мумкин.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, одамлар уйдан ташқарига чиқа олмаганидан шикоят қилган.

ФВВ авария сабабли тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари махсус техникалар ёрдамида сувни кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларидан чиқариб ташлашга, сув таъминоти тизими вакиллари қувурларни таъмирлашга жалб этилган.

“Тошкент шаҳри сув таъминоти” МЧЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов 800 мм ҳажмли қувурда носозлик юзага келганини билдирди.

“Бунинг асосий сабаби яқин жойдаги қозонхонада электр энергияси вақтинча узилганидир. Шу сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва уларнинг уланган чокидан авария юзага келган”, деди у воқеа жойида пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига берган изоҳида.

Энергетика вазирлиги эса носозликнинг электр энергеясига алоқаси йўқлиги, сув таъминоти корхонаси баёноти ҳақиқатга мос эмаслиги ҳақида расмий билдирги тарқатди. Раддияга кўра, Юнусобод туманидаги 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминотида ҳеч қандай узилиш юз бермаган.

“Kun.uz” нашри ҳодисадан бир неча соат ўтиб хабар беришича, авария рўй берган чорраҳада транспорт ҳаракати ва бир неча мавзеда сув таъминоти қисман тикланган.