Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Наманган вилоятларида кўмир таъминотида талон-торожликлар фош этилди, дея маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Департаментнинг Наманган бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Наманган шаҳри кўмир омбори масъуллари ушланган. Улар куз-қиш мавсумида имтиёзли нархларда аҳолига етказиб бериш учун ажратилган умумий баҳоси 4,1 миллиард сўмлик 13,3 минг тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани айтилмоқда.
Хоразмда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Боғот тумани кўмир омбори ходимлари умумий баҳоси 85,5 млн сўмлик 276 тонна кўмирни омбордан яширинча олиб чиққани аниқланган. Шунингдек, ушбу омборда 345,8 тонна кўмир камомади қайд этилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган текширувда эса номи ошкор этилмаган МЧЖ масъуллари Тахтакўпир ва Шуманай туманларидаги ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кўмир хариди учун бюджетдан ажратилган 340,8 миллион сўмни ўзлаштиргани аниқланган.
БП департаментига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.