UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.
Бироқ ЎзА сайти орқали кирилувчи UzA | Расмий канал телеграми саҳифасида ва агентликнинг расмий веб сайтида бу борада хабар йўқ.
Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, Чустда камида 70 боланинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда тарқалган бу хабарга ҳозирча изоҳ бермади. Айни пайтда Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган ҳужжат нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.
“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.
“Кун. уз” эса бу маълумотни “20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди”, деган маълумот билан тўлиқлади.
Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилгани тўғрисида Озодлик 21 сентябрь куни хабар берганди. Бу маълумотни Озодликка соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброрбек Алижонов тасдиқлаган.
Бу болалар тумандаги 9 та боғча ва 2 та ўрта мактабнинг ўқувчиларидир.
Бош прокуратура Чуст туманида болалар заҳарланиши юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни Чустда заҳарланиб, касалхонага ётқизилган болаларнинг аҳволи қониқарли экани тўғрисида расмий билдирув тарқатди. Унда айтилишича, болалардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.
Билдирувда туманда содир бўлган мазкур ҳодиса шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олингани таъкидланган.
“Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”, дейилади билдирувда.
Вазирлик ҳозирча заҳарланиш сабаблари ва омиллари тўғрисида хабар бермади.
Ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар кўпаймоқда. Шунингдек, айрим фойдаланувчилар Андижон ва Қўқонда ҳам бир неча бола заҳарланганини иддао қилмоқда. Бу хабарлар расман тасдиқланмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз баёнотида бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.