Залужний: Украинанинг Россия томонидан ишғол этилган ҳудудларидан 40 фоизи озод қилинди

Генерал Валерий Залужний

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужний 2022 йил охирига келиб украиналик ҳарбийлар 24 февралдан буён Россия кучлари томонидан эгаллаб олинган Украина ҳудудларидан 40 фоизини озод қилишга муваффақ бўлишганини билдирди. Бу Украина томонидан 2014 йилдан буён бой берилган (Қрим ва Донбасснинг бир қисми дохил) ҳудудларнинг 28 фоизини ташкил этади.

Залужний уруш бошидан бери россиялик ҳарбийлардан 100 минг нафари қурбон бўлганини қўшимча қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги ўтган йилнинг сентябрь ойида Украина урушида 6 мингга яқин ҳарбийси ҳалок бўлганини расман тасдиқлаган. Би-Би-Си рус хизмати ва “Медиазона” нашри журналистлари очиқ манбаларга таянган ҳолда урушда 10 мингдан зиёд россиялик аскар ўлганини аниқлашган.

Ноябрь ойида Пентагон Украина урушида ҳар икки томондан ўлган ва ярадор бўлганлар сони 200 мингга етгани, бунда иккала томон ҳам тенг талафот кўрганини қайд этган.

Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, расмий Киев жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудлардан ўтган йили 600 минг кишини эвакуация қилган.