Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 13 яшар қизга мунтазам равишда жисмоний ва руҳий зўравонлик қилиб келган ўгай она жазоланган.
Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки терговда Ш.С. исмли аёл 2010 йилда туғилган қизи С.Р. ни ўтган йил давомида муттасил равишда дўппослаб, унга нисбатан жисмоний ҳамда руҳий жиҳатдан азоб бериб, унда кучли қўрқув ҳосил қилиш йўли орқали ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, танасининг турли қисмларига тан жароҳатлари етказиб келгани аниқланган.
“Жорий йилнинг 5 июнь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида мазкур жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукмга биноан, Ш.С. ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (Қийнаш) ва 112-моддаси 3-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди ва мазкур жазо билан боғлиқ тегишли чекловлар ўрнатилди”, дейилган Болалар омбудсманининг 22 июль куни ёйинланган хабарномасида.