Зангиотадаги ёнғинни ўчириш учун 4,5 соат сарфланди – ФВВ

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Эркин” МФЙда жойлашган бўёқ ишлаб чиқариш цехида 10 сентябрь куни содир бўлган ёнғинни бартараф қилиш учун ўт ўчирувчилар тақрибан 4,5 соат вақт сарф этишган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, “Эркин”даги ёнғинга оид хабар Тошкент вилояти ФВБга сешанба куни соат 14:15 да келиб тушган, ёнғин ўчириш экипажлари воқеа жойига тезкорлик билан етиб боришган.

Ёнғин ўчириш экипажлари томонидан ёнғин соат 17:00 да қуршаб олиниб, соат 18:56 да батамом ўчирилди”, дейилган ФВВ хабарномасида “ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмаган”и урғуланган.

Ёнғинни бартараф этиш жараёни шахсан “фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор A. X. Қўлдошев назоратида” амалга оширилгани таъкидлаган хабарномада “айни вақтда ёнғин сабаби ва зарари аниқланаётгани” қўшимча қилинган.