Украинанинг Запорожье вилоятидан чиқишда 30 сентябрь тонгида тинч фуқаролар кетаётган гуманитар колонна ракета зарбаларига нишон бўлди. Украина расмийларига кўра, ҳужум оқибатида 23 нафар одам нобуд бўлиб, 28 киши яраланган.
Киев мазкур ҳужумда Россия қўшинларини айблади. “Одамлар яқинларини олиб келиш ва уларга ёрдам юки етказиш учун вақтинча ишғол этилган ҳудудга кириш учун навбатда турган эдилар”, деб ёзди Запорожье вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух. Ҳодиса ортидан 1 октябрь Запорожье вилоятида мотам куни деб эълон қилинган.
Украина томонининг дастлабки маълумотларига кўра, Запорожьега “С-300” зенит-ракета мажмуаларидан 16 та ракета отилган.
Ўз навбатида, Россия томони мазкур ҳужумда Украинани айблаб чиқди. Запорожьенинг ишғол этилган ҳудудларига Москва томонидан раҳбар этиб тайинланган Владимир Роговга кўра, тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлиб, 34 нафар одам жароҳат олган.