Апрель ойи охирларида Беларусдаги “Альтернатива” ижтимоий ташаббуси етакчиси Олег Корбан олти ойлик қамоқдан сўнг озодликка чиқди. У ўтган йили октябрда ҳибс қилиниб, дастлаб 15 сутка маъмурий қамоққа олинган, бу муддат тугагач, Минскдаги 1-сонли тергов изоляторига (ТИ) ўтказилиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган ҳаракатларни ташкил этиш ёки уларда фаол иштирок этиш айблови билан яна ярим йил “ўтирди”. Ўтган йилнинг декабрида Корбан сиёсий тутқун деб тан олинган.
Корбан шу муддатнинг ярмини Жодино шаҳридаги 8-қамоқхонада ўтаган. Бу тергов қилинаётган шахслар, оддий судланганлар ва ҳатто умрбод қамалганлар сақланадиган мамлакатдаги ягона ахлоқ тузатиш муассасаси саналади.
Озодлик радиоси билан суҳбатда Олег Корбан Беларусь қамоқхоналаридаги шароит ҳақида сўзлаб берди.
– Окрестина кўчасидаги ҳуқуқбузарлар авахтасида ҳам, Жодино турмасида ҳам, ИИВ тергов изоляторида ҳам бўлдингиз... Айтинг-чи, қамоқда нималарни бошдан кечирдингиз?
– Қайси модда билан тушганингиздан қатъи назар, сақлаш шароити Минскдаги 1-сонли ТИда яхшироқ. Ходимлар муомаласи ҳам, маиший шарт-шароит ҳам. Барча маҳбуслар қўшқават ғиштин бинода яшайди. ТИ ҳудудида ҳозир ҳам ўлим жазоси ижро қилинади, лекин бу айнан қаерда ва қандай рўй беради – ҳеч ким билмайди. Эски отхона орқасидаги иморатда деб тахмин қиламиз.
Камераларда музлаткич йўқ (чўчқа мойи, пишлоқ ва сариёғни панжарадан ташқарида ёки сўри тагида, полда сақлаймиз), аксариятида февралдан бери телевизор йўқ. Шу тариқа маҳбусларни ахборот қамалига олиб, мамлакатда ва умуман жаҳонда юз бераётган воқеалардан узиб қўймоқчи бўлишяпти. Аммо Жодинода аҳвол бундан беш бадтар, у ерда тартиб жуда қаттиқ.
– У ердаги сақлаш шароитини қандай тасвирлайсиз?
– Минскдаги ТИнинг “Шанхай” корпусида ерости камералар бор. Улар одам боласи ётадиган жой эмас: деворларини моғор босган, каламушлар, ўргимчаклар кўп, сўри қаторларининг ораси жуда тор – бир киши зўрға ўтади. Қуёш нури деярли тушмайди.
У ерда постда турадиган навбатчи тартибга риоя этилишини, масалан, кундузи ҳеч ким сўрига чиқиб ётмаслигини назорат қилади. Ерости камераларидан одатда тартиббузар ва итоатсизларни сақлаш учун ёки гоҳида жой етишмай қолганда фойдаланилади. Юқоридаги, бошқа камералар анча тузук: кенг, ёруғ, баҳаво. Аммо-лекин Жодинода барча камералар расво.
– Маҳбуслар аксилсанитария шароитидан шикоят қилишса, муаммо ҳал қилинадими?
– Одатда бунақа шикоятлардан наф бўлмайди. Ана, зараркунандалардан қанча арз-дод қилмайлик, қулоқ солишмаяпти-ку! Бир кеча соқчилардан қопқон сўраб олиб эрталабгача “ов қилдик”: еттита сичқон илинди, лекин улар камайгани йўқ.
Фалакнинг гардиши билан у ерга қамалган Россия фуқароси қаттиқ тартиб-қоидаларни, хусусан, уйга қўнғироқ қилиш тақиқланганини кўриб ҳайрон қолганди. Ростдан ҳам, бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. Ҳатто навбатчи ходимлар ҳам мобил телефон олиб юрмайди.
Шахсан мен ҳеч қачон шикоят қилмаганман, аммо бир таниқли юрист, Максим Знак Минск ТИда қамоқ жазосини ўтаганида шароитни яхшилашни талаб қилиб кўп олишган, ҳатто очлик эълон қилган экан. Уни совуқ ва зимистон карцерга қамаб ҳам “синдира олишмаган”.
Юрист ТИ маъмурияти кўнглида қачон одамийлик туйғулари уйғонаркин деб кутиб ўтирмаган, устма-уст шикоят ёзаверган. Ахийри, ҳеч ким кутмаган пайтда муаммо ҳал қилина бошлади! Аввалига янги хокандоз беришди. Эртасига ҳаммамизни “Шанхай” корпусидаги нисбатан кенг, яқинда таъмирланган, шифти баланд ва уч қаватли сўрилар қўйилган янги камерага кўчиришди. У ерда сичқонлар ғиж-ғиж эмасди ҳарқалай, зараркунанда зотидан фақат сувараклар кўп эди холос. Яна қўланса ҳид йўқ эди.
– Еб-ичиш қандай эди?
– Кунига уч маҳал овқат бериларди. Жодинода, масалан, нуқул чирик картошка солинган гўштсиз обиёвғон билан боқишарди. Минск ТИда таъминот анча яхши эди, у ерда ҳар хил бўтқалар ердик, сўнгги пайтларда ҳатто қайнатилган тухум ва котлетга оғзимиз тегиб қолувди...
– Камераларда “сиёсий” ва “носиёсий” деб айирмачилик қилиш борми?
– Йўқ, аралаш яшашади, аммо маъмурият сиёсий моддалар билан тушганларга бошқача кўз билан қарайди барибир. Сиёсий тутқунлар одатда очиқ юзли, суҳбати соз кишилар бўлади. Уларни ёр-дўстлари, қариндошлари ҳар томонлама қўллашади. Қамоқда ётган одам учун бунақа дастак жуда муҳим.
– Маъмуриятнинг сиёсий маҳбусларга муомаласи қандай?
– Мисол учун, матрасни алмаштириш керак бўлса, дарров алмаштириб беришади. Ҳолбуки, одатда оддий маҳбус бу бахтга эришиш учун анча-мунча тер тўкиши керак. Душхонада ювинишига ҳам кўпроқ вақт беришади. Ип-игна керак бўлса, навбатчига бир оғиз айтилса, кифоя. Аммо февралдан бери кўп камералардан ҳар хил баҳоналар билан телевизорларни олиб чиқиб кетишди. Айниқса сиёсий маҳбуслар ўтирган камералардан.
– Радио борми?
– Биттагина радиоузель бор, у ҳам ичкари ҳовлида бўлиб, ҳамиша овози баланд қилиб қўйилади. Ҳар бир камерага эшитилади. Одатда “Русское радио”ни қўйишади. Қиёслайдиган бўлсак, Жодинода ҳар куни ватанпарварлик қўшиқларини эшиттиришади, амалдаги ҳукуматга нисбатан муҳаббатга тўла беларусча куйларни ҳам. Аллақандай маҳаллий хонандаларнинг президентни мадҳ этувчи қўшиқлари, масалан, “Беларусь моя синеглазая” ва “Саня останется с нами”ни эшитавериб қулоқлар шанғиллаб қолади...
– Эркинликка чиқиб, атрофга назар ташлагандирсиз. Шу ўтган ярим йилда нимадир ўзгарибдими?
– Бир томондан Беларусь ҳали Шимолий Кореяга айланиб улгурмагани кишини хурсанд қилади. Очиғи, мен бунга ҳайрон қолмаган бўлардим. Бошқа томондан, дўстларим билан сўзлашиб, кўча-кўйда халқни кузатарканман, одамларнинг дийдаси ҳийла қотганини ҳис этдим. Қандайдир эҳтиёткор ва дамдўз бўлиб қолишган. Бу дилимни хира қилди.