Зайнилобиддин Низомиддинов қайтди. У Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар учун масъул кўрилганди

Зайнилобиддин Низомиддинов президент Шавкат Мирзиёевнинг "ўнг қўли" ва Ўзбекистоннинг энг қудратли мулозимларидан бири сифатида кўрилган.

Зайнилобиддин Низомиддинов президент Шавкат Мирзиёевнинг "ўнг қўли" ва Ўзбекистоннинг энг қудратли мулозимларидан бири сифатида кўрилган.

Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Бекобод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Бу ҳақда 7 апрель куни Тошкент вилояти ҳокимлиги ўзининг расмий Телеграм-каналида маълум қилди.

Хабарда айтилишича, туманнинг эндиликда собиқ ҳокими Шуҳрат Дўстбеков "йўл қўйган хато-камчиликлари учун" ишдан бўшатилган.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги нутқида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев собиқ ҳокимни "инвестиция ва бюджет тушумларини таъминлашда ҳудуд вилоятда энг охирги ўринларда қолгани" учун танқид қилган.

Зайнилобиддин Низомиддинов 2018 йил августидан 2022 йил июлигача Президент администрацияси раҳбари лавозимида ишлаган.

Низомиддинов тайинловга қадар Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари эди.

Зайнилобиддин Низомиддинов ишдан олинганидан буён ўтган вақт мобайнида Президент администрацияси раҳбари икки марта ўзгарди; аввалига Сардор Умурзоқов администрацияга раҳбар этиб тайинланди, кейинроқ эса унинг тузилмаси ўзгартирилиб администрация раҳбари лавозими тугатилди.

Ҳозирда президент ёрдамчиси лавозимини эгаллаган Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева амалда отаси администрациясининг раҳбари ҳисобланади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Президент Администрацияси раҳбарлигидан четлатилган Зайнилобиддин Низомиддинов ким?

Мирзиёевнинг яқин сафдоши

50 яшар Зайнилобиддин Низомиддиновнинг 2018 йил августида президент администрацияси раҳбарлигидан кетказилиши сабаби расман жамоатчиликка очиқланмаган.

Расман Низомиддинов "саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан" лавозимдан бўшатилгани айтилганди.

Аммо Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбалари бир вақтлар Ўзбекистон сиёсатининг "кулранг кардинали" сифатида кўрилган Низомиддиновнинг истеъфоси Қорақалпоғистонда камида 21 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган қонли воқеалар билан боғлиқлигини айтишган.

Президент Администрацияси раҳбари Қорақалпоғистонда қон тўкилишига олиб келган Ўзбекистон Конституцияси янги таҳриридаги ўзгартишларга бош-қош бўлгани айтилади.

Президент Мирзиёевнинг ўзи 2022 йилнинг 2 июль куни Нукусдаги чиқишида Қорақалпоғистондаги воқеалар учун масъулиятни маҳаллий қонун чиқарувчилар зиммасига юклаганди.

Зайнилобиддин Низомиддинов собиқ президент девонига Мирзиёев билан бир вақтда, у вақтинча президент лавозимини эгаллаган 2016 йил сентябрида ўтган ва аввалига Мирзиёев ижроия аппаратининг раҳбари лавозимида ишлаган. Бунгача асли Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан бўлган Низомиддинов бош вазир Мирзиёев ижроия аппаратининг раҳбари эди.

Озодлик манбалари Тошкент Халқ хўжалиги институти – ҳозирги Иқтисодиёт университети битирувчиси бўлган Низомиддиновнинг Шавкат Мирзиёевга жуда яқинлиги, Мирзиёев ўтмишда Низомиддиновлар оиласининг бошқа аъзолари билан ҳам борди-келди қилганини айтишади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Президент Администрациясининг янги раҳбари Сардор Умурзоқов ким?

"Иккинчи одам"

Президент администрацияси Ўзбекистонда расман ҳокимиятнинг алоҳида бўғини эмас, аммо мавжуд ҳокимият иерархиясида ҳал қилувчи рол ўйнаши, амалда Вазирлар Маҳкамаси ва парламентдан юқори туриши айтилади.

Ваколатларига кўра, Низомиддинов юқори ҳокимиятда президентдан кейинги иккинчи одамга тенглаштирилганди.

У бошқа ваколатлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатларини амалга ошириш учун масъул бўлган.

Президент Мирзиёев 2018 йил 26 августида "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида" махсус фармон билан Каримов давридаги «Президент девони»ни «президент Администрацияси»га ўзгартирган эди.

Айни фармон билан Администрация раҳбарининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилган. У жумладан,

  • давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишига кўмаклашиш;
  • мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таминлашга кўмаклашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, суверенитетни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлган.


Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Алламжоновнинг қайтиши: Матбуот эмас, 'мафкура котиби'

Бу ваколатлар Низомиддиновни амалда Ўзбекистон раҳбариятида президентдан кейинги иккинчи одамга айлантирган. Озодлик манбаларига кўра, Низомиддинов мамлакат тарихидаги энг қудратли Администрация раҳбари бўлган бўлиши мумкин.

"Эски ва садоқатли"

Президент администрация раҳбари экан, Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бизнес манфаатлари, мамлакатдаги алоҳида саноат-молия гуруҳларига яқинлиги ва ўзи туғилиб ўсган Сурхондарё вилоятидаги қариндошларининг бизнеслари борасида турли маълумотлар интернетга сиздирилган.

Хусусан, 2020 йил майида ўпирилган Сардоба сув омбори ва мамлакатдаги бошқа йирик сув иншоотлари қурилишларининг асосий буюртмачиси бўлган «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов Низомиддиновнинг ҳамюрти ва яқин ҳамкори экани айтилган.

Шунингдек, Озодлик манбалари ўтган йил февралида муддатидан аввал озодликка чиқарилган блогер Отабек Сатторий Администрация раҳбарига яқин шахсларнинг коррупцияга алоқадорлиги борасидаги маълумотларни текшириш жараёнида ҳибсга олинганини иддао қилганлар.

Низомиддинов лавозимдан олинган пайт Ўзбекистон ҳукуматига яқин Озодлик манбалари унинг президент Мирзиёевга яқинлиги ва жорий президент Администрацияси, амалда ҳозирги ҳокимият вертикали шаклланишидаги ролидан келиб чиқилса, сиёсий саҳнадан бирданига йўқолиб қолиши эҳтимолдан узоқлигини айтишганди.

Уларга кўра, бундан икки йил аввал Низомиддинов Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар ортидан жамоатчилик кўзида ҳисобдорлик учун вазифасидан четлатилган ёки “қурбонликка келтирилган” бўлиши мумкин.

Озодлик билан номини очиқламаслик шарти билан гаплашган ҳукуматга яқин экспертлардан бирига кўра, президент администрацияси собиқ раҳбарининг туман ҳокими этиб тайинланиши Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг қонли воқеалардан бири учун маъсул кўрилган шахснинг сиёсий жиҳатдан реабилитация қилинаётганини англатади.

Озодлик суҳбатдоши айни пайтда бу Мирзиёев кадрлар сиёсатидаги синалган усул - эски ва шахсий садоқат кўрсатган кадрларга суянишнинг навбатдаги кўриниши эканини айтди.