Украина президенти Владимир Зеленский кейинги ойда АҚШ президенти Жо Байденни Киевнинг урушдаги ғалаба режаси билан таништиради. Бу ҳақда у 27 август куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.
Зеленский режа кейинги президентлик муддатига номзодлар — Камала Ҳаррис ва Дональд Трампга ҳам тақдим этилишини айтди. Украина президентининг журналистлар билан сешанба кунги мулоқотини Озодликнинг “Настояшчее время” лойиҳаси YouTube порталидаги ўз канали орқали ёйинлаган.
Зеленскийга кўра, режа ўз ичига тўртта йўналишни олади. Украина президенти бу йўналишлар орасида Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига ҳужумини ҳам эслатган.
“Балки бу кимгадир жуда амбицияли эшитилиши мумкин, бироқ биз учун бу муҳим режа”, деган у.
Зеленский Курск вилоятига ҳужум Украинадаги Суми ва Чернигов вилоятларининг Россия қўшинлари томонидан ишғол этилишининг олдини олганини билдирган.
Режада “глобал хавфсизликнинг стратегик тузилмасида Украинанинг ролини мустаҳкамлаш”, “Россияни урушни дипломатик йўл билан тугатишга мажбур қилиш” ва Украина иқтисодиётининг барқарорлашуви кабилар ҳам эслатилган.
Украина президент режанинг муваффақият билан адо этилиши кўп жиҳатдан АҚШга ва бу мамлакат президентига боғлиқ эканини урғулаган. Украина талаб этилган ресурсларни ола биладими ва улардан нақадар бемалол фойдалана олади — буларнинг барчаси, Зеленскийга кўра, Қўшма Штатлар президентининг қарорига боғлиқ.
Шунингдек, у ҳар қанақа музокаралар доираси ҳам Украина ўз ҳудудларидан воз кечмоқчи эмаслигини таъкидлаган.