Украина президенти Владимир Зеленский Донбассда Россиянинг махсус ҳарбий амалиёти бошланиши ортидан бутун Украина бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий этилишини эълон қилди.
Аввалроқ Украина президенти Россия фуқароларига мурожаат билан чиққан эди. “Украина халқи тинчлик истайди, Украина ҳукумати тинчлик истайди”, деганди Зеленский. Унга кўра, Украина Россия учун ҳеч қачон таҳдид манбаи бўлмайди. “Уруш барчани хавфсизлик кафолатидан маҳрум этади”, деган эди Зеленский. Украина президенти 23 февраль куни Владимир Путин билан телефон орқали гаплашишга урингани, бироқ Кремль томони жавоб бермаганини қайд этган.
Зеленский Киев Донбассни “бомбаламоқчи эмас”лиги, украиналиклар эса рус маданиятидан нафратланиши мумкин эмаслигини айтган, бироқ Россия томонидан ҳужум уюштирилгудек бўлса, Украина ўзини ҳимоя қилишини урғулаган.
Пайшанбага ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида “махсус ҳарбий амалиёт” бошланганини эълон қилган. Бундан мақсад, Путин таъбирига кўра, “Киев режими томонидан саккиз йилдан бери таҳқирланиб, геноцидга дучор қилиниб келаётган одамларни ҳимоялаш”, “Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш” ҳамда “тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни судга тортиш”дир.
Гувоҳларга кўра, ҳозирда Украина ҳудудига тинимсиз ракета отилмоқда. Украина ИИВ ҳарбий бошқарма марказлари, аэродромлар, ҳарбий омборлар нишонга олинаётгани, Киев, Харьков, Днепрга ракеталар отилаётгани ҳақида маълумот тарқатди.
Россия Мудофаа вазирлиги ракета зарбалари Украинадаги шаҳарларга эмас, ҳарбий инфратузилма, авиация, ҳавога қарши мудофаа объектлари, ҳарбий аэродромларга берилаётганини иддао қилмоқда.
Украина нашрлари хабарларига кўра, Россия қўшинлари Харьков ҳудудида Украина чегарасини кесиб ўтган. Шунингдек, Мариуполь ва Одессага Россия десанти ташлангани айтилмоқда.
“ЛХР” айирмачилари бўлинмалари Счастье шаҳрини штурм қилишни бошлашган. Мазкур шаҳар Луганск вилоятининг Украина назорати остидаги ҳудудида жойлашган. Ўзларини “ДХР” деб атаб олган бўлгинчилар кучлари ҳам ҳужумга ўтган.
Россияпараст “ДХР” ва “ЛХР” раҳбарлари 23 февраль куни Украина Қуролли кучлари томонидан бўлаётган “тажовуз”га жавоб беришда кўмаклашиш илтимоси билан Россия президентига мурожаат қилишган. Бундан икки кун олдин эса Путин Украина расмийлари Минск шартномаларини бажаришдан бош тортаётганини баҳона қилиб, Донбассдаги бўлгинчи республикаларни мустақил деб тан олишга оид фармон имзолаган. Шундан сўнг Россия парламентининг юқори палатаси мазкур минтақада Россия қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат берган.