Зеленский «мислсиз жасорати учун» Черчилл ордени билан мукофотланди

Украина президенти Владимир Зеленский.

Украина президенти Владимир Зеленский «мислсиз жасорати, Путиннинг варварча босқини олдида тиз чўкмагани ва қадр-қимматини йўқотмагани учун» сэр Уинстон Черчилл номидаги мукофотга сазовор бўлди. Бу ҳақда Британия ҳукуматининг Твиттер саҳифасида маълум қилинди.

Украина президентига мукофотни Британия бош вазири Борис Жонсон топширди. Мукофотлаш маросими Даунинг стритда ўтди. Зеленский унда видеоалоқа орқали иштирок этди.

Маросимдан сўнг Зеленский телграм саҳифасида «украин халқи озодликни сақлаб қолиш учун бизни энг ёмон кунларимизга қайтармоқчи бўлаётган мустабидликка қарши оёққа турмаганида эди, бу мукофот бўлмасди», деб ёзди.

Зеленский Ғарбни Украинага керакли миқдорда қурол етказиб беришни давом эттиришга ва Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.

Зеленскийга топширилган мукофот «ҳарбий давр лидери сэр Уинстон Черчилл каби буюк лидерлик салоҳиятини кўрсата олган шахсларга берилади», дейилади Черчилл халқаро жамияти сайтида. Бундан аввал мазкур мукофот билан Уэльс шахзодаси Чарльз, Британия бош вазирлари Маргарет Тэтчер ва Жон Мейжор, АҚШ давлат котиблари Мадлен Олбрайт ва Жеймс Бейкер тақдирланган.