Украина президенти Владимир Зеленский Тинчлик саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини кўришни истайди. Бу ҳақда Зеленский марказий осиёлик журналистлар учун 24 май куни Харьковда ташкил этилган брифинг чоғида билдирди.
“Озодлик” журналистининг минтақадаги беш давлат ва Украина ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Украина президенти Марказий Осиё лидерларининг мувозанатга риоя қилолмаётгани урғулади.
“Менимча, улар Кремлдан чўчигани учун руслар тарафга оғиброқ туришибди. Сўзларимга изоҳ бериб кетай… Бу менинг шахсий фикрим, ҳеч кимга таъна тошини отаётганим йўқ. Биз ўз танловимизни қилдик ва биз курашяпмиз. Мен шунчаки дилимда йиғилиб қолган гаплар билан ўртоқлашяпман.
Сизга бир мисол келтирай: Биз Тинчлик саммитини уюштиряпмиз, илк қадамларни қўймоқдамиз. Бу қадамлар ёш боланикидай атак-чечак, улар шаҳдам эмас, бироқ бу қадамларни дастаклаш муҳим, чунки улар тўғри қадамлардир. Улар аниқ олға қаратилган, аниқ тинчликка қаратилган қадамлардир. Улар аниқ урушга олиб бормайди.
Ана энди сизга бир мисол: биз [саммитга] лидерларни таклиф қиляпмиз, аввал битта стол атрофида ўтирмаган барча лидерларни. Улардан кимларнингдир ўз манфаатлари бор, кимдир санкция киритган, кимдир киритмаган… Биз барчани таклиф қилдик, шу жумладан Марказий Осиё лидерларини ҳам. Биз ҳаммани таклиф қиламиз, биз уларнинг ҳаммасини шу саммитда кўришни истаймиз”, деган Зеленский.
Украина президентига кўра, минтақа лидерларининг Тинчлик саммитида иштирок этишдан чўчишига асос йўқ.
“Бу ерда қўрқадиган нима бор? У ерда Путиннинг бўлмаслигигина қўрқувга сабаб бўляпти. Шугинани деб Путин танкка ўтириб, Марказий Осиё мамлакатларидан бирига бостириб борармиди? Йўқ, бу камлик қилади. Унда айтинг-чи, саммитга қўшилмаётганлар нимадан қўрқишяпти? Улар нималарнидир йўқотишдан чўчишмоқда. Улар ҳатто бугунги Кремль билан алоқани йўқотиб қўйишдан ҳам қўрқишяпти. Бу ҳолат урушни тугатишга ёрдам бермайди.
Худо сақласин-у, сизларнинг мамлакатларингиздан биттаси бизникидай ҳолатга тушиб қолганингизни тасаввур қилиб кўринг - мамлакатларингиз, халқингиз қўллов кўрсатмаган, қўллов кўрсатса-да саммитга қўшилмаган мамлакатларга қандай қараган бўларди? Санкцияни ҳукумат киритади, бироқ бу саммит тинчлик тўғрисидаги, мулоқот ҳақидаги саммитдир.
Исталган бир босқинчига қарши урушда ёлғиз қолганингизни тасаввур қилиб кўринг. Менимча, бу ожизлик белгиси. Биз Марказий Осиё мамлакатлари саммитда албатта бўлишларини, бу воқеанинг ўзини дастаклашларини истардик”, деган Украина президенти.
Зеленский назарда тутган Тинчлик саммитини жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Швейцарияда ўтказиш мўлжалланмоқда.
Украина президенти қатнашган Харьковдаги брифингда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан журналистлар иштирок этишган. Матбуот анжуманидан бир кун аввал Харьковдаги нашриёт уйи Россия зарбасига нишон бўлган ва у ерда камида етти киши ҳалок бўлганди.
Матбуот анжумани чоғида Зеленский Украина ўз мустақиллиги учун оғир курашни бошдан кечираётганини қайд этиб, бу урушда ўз мамлакати “охир-оқибат ғалаба қозонажаги”ни ишонч билан таъкидлаган.
“Дунёда конлару энергетика захираларига эга бўлмаган, аммо етакчи давлатларга айланолган кўплаб мамлакатлар бор. Чунки улар ҳеч кимга қарам эмас”, деб қўшимча қилган Зеленский.
Зеленскийнинг бу баёнотлари Россия раҳбари Путиннинг 26-27 май кунлари Ўзбекистонга сафари арафасида янгради.