Украина президенти Владимир Зеленский сентябрь ойи охирида Вашингтонда АҚШ президенти Жо Байденга тақдим этмоқчи бўлган ва унинг фикрича, Россия билан урушда Украина ғалабасига олиб борадиган ўз режасида тўртта банд борлигини билдирди. “Бешинчи банд ҳам бор – униси урушдан кейин керак бўлади”, деган Зеленский АҚШнинг CNN телеканалига берган интервьюсида. Интервьюнинг тўлиқ видеоси Украина президенти офиси томонидан 15 сентябрь куни ёйинланган.
Зеленский CNNга берган суҳбатида режадаги бандларга оид тафсилотларни очиқлаган эмас. Украина президентига кўра, улардан биринчиси хавфсизликка, иккинчиси Украинанинг геосиёсий ўрнига, учинчиси Киевга “у ёки бу нарсадан фойдаланишни ўзи танлаши”га рухсат берилиши дохил “жуда кучли ҳарбий дастак”ка, тўртинчиси иқтисодий қўлловга тааллуқли.
Зеленскийнинг сўзларидан келиб чиқилса, ғарб қурол-аслаҳаси билан Россия ҳудудининг ичкарисига зарба беришга рухсат этилиши бу режанинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Айни пайтда у ҳозирда Киев АҚШ ва бошқа мамлакатлардан ҳали бундай рухсат ололмаганини урғулади.
Украина президенти бу аслаҳадан Россиядаги ҳарбий объектлар, хусусан аэродромларга қарши фойдаланиш режаланаётганини таъкидлади. Зеленскийга кўра, бундай рухсатнинг чўзилиши Украинага зарба бераётган учоқларнинг россиялик ҳарбийлар томонидан мамлакат ичкарисига кўчирилишига олиб келган ва эндиликда уларни йўқ қилиш учун янада узоқроққа учадиган ракеталар лозим бўлади.
Украина президенти россиялик ҳарбийлар бошқарилувчи авиабомбалар ёрдамида мамлакат энергетика инфратузилмасининг 80 фоизига шикаст етказганига эътибор қаратган.
“Украина Донбассда мудофаани мустаҳкамлаш ўрнига нима учун ўтган ойда Курск вилоятига ҳужум бошлади?” деган саволга Зеленский: “Бу амалиёт таваккалчиликка асосланган эди, бироқ барибир мақсадга эришилди, чунки Россия ўз ҳарбийларнинг бир қисмини Курск остига ташлашга мажбур бўлди ва Донецк вилоятидаги ҳужумлар секинлашди”, дея жавоб берган.
Айни пайтда Зеленский Украинага ғарб ҳарбий ёрдамини етказиш суръатидан шикоят қилган. У ёрдам кечикиши фронтда снаряд етишмаслиги ва ташкил қилинаётган бригадалар керакли даражада таъминлашга имкон бермаётганини қайд этган.
Россия президенти Владимир Путин ҳақида гапирар экан, Зеленский, агар Ғарб давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари бирдамликни сақламайдиган бўлишса, Путин ва унга ўхшаган арбоблар “бутун дунёни ўзаро бўлиб олиш”га қодир бўлишини айтган.
Шу билан бирга, Зеленский тахминича, Путин хориждан бўлган босимдан кўра Россия жамиятидан кўпроқ қўрқади.
“Агар Россия халқи бадастир ҳаётга эга бўлмаслиги, Украинадаги халқ каби энергетикасиз қолиши хавфини ҳис қилса, у уруш нималигини билади, бундан хурсанд бўлмайди ва Путинга таъсир ўтказишни бошлайди”, деб ҳисоблайди Украина президенти.
Агар шундай бўлса, Зеленский фикрича, Путин Украина билан “келиша бошлайди”, Россия жамиятининг бундай реакциясига эришиш учун эса “Украинани кучли қилиш” зарур.
“Ҳозир эса Путин муҳтамал музокаралар ҳақида гапирганида иккиюзламачилик қилмоқда”, деди Зеленский.
Аввалроқ Россия президенти Украина ўзининг қатор ҳудудларидан воз кечса, икки ўртада тинчлик музокаралари бошланиши мумкинлигини билдирган. Киев бу шартлар мақбул эмаслиги ҳақида бир неча бор баёнот берган.