Украина президенти Владимир Зеленский “Путиннинг биродари” Виктор Медведчукни асир олинган украинларга алмаштиришни таклиф қилди.
“Россия Федерациясига бу одамингизни сизлар асир олган йигит-қизларимизга алмашишни таклиф қиламан. Бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ва ҳарбийларимиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрсалар, яхши бўларди”, деган Зеленский видеомурожаатида.
Кейинроқ Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Вадим Денисенко Медведчукни асирликдаги украиналикларга алмашишдан олдин уни сўроқ қилиш ва суд ҳукмини кутиш кераклигини айтган.
“Медведчук жуда кўп маълумотдан хабардор, ундан лоақал коллаборантлар ҳаракати учун ким кимга пул бераётгани ҳақида гувоҳлик кўрсатмаси олиш лозим”, деган Денисенко 24-каналга берган интервьюсида.
12 апрель оқшомида Украина Хавфсизлик хизмати россияпараст “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун!” партияси раҳбари Виктор Медведчукни махсус амалиёт чоғида қўлга олгани ҳақида маълумот ёйинланган. Медведчук февраль ойи охирларида уй қамоғидан қочиб кетган эди.
Кремль воизи Дмитрий Песков қўлга олинган Медведчукнинг фотосуратини кўргани, аммо бу маълумот қанчалик тўғрилигини билмаслигини айтган. Унга кўра, “фейклар ниҳоятда кўплиги сабабли” суратни текшириб кўриш керак.
Виктор Медведчук Россия президенти Владимир Путин билан қалин шахсий алоқаларга эга украиналик сиёсатчидир. У давлатга хиёнат ва террорчилик фаолиятига кўмаклашишда гумон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига олинган эди. 26 февраль куни полиция Медведчук уй ҳибсида бўлган манзилга келиб, уни топа олмаган.