Зеленский: Россия билан музокараларда НАТО ва ЕИ иштирок этиши лозим

Украина президенти Владимир Зеленский Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан, Киев, 2024 йил 1 декабри

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан муҳтамал музокараларда НАТО ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этишлари лозимлигини билдирди.

Киевга расмий ташриф билан келган Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Зеленский: “Музокара столи атрофида кимлар бўлади? Россия, Украина ва айтганимдек, Европа Иттифоқи ва НАТО. Чунки биз ўзимизни бу иттифоқлар хавфсизлик тизимининг бир қисми ўлароқ кўрамиз. Бу форматда мен нималар ҳақида келишувга эришишимиз мумкинлигини тушунаман”, дея қайд этди.

Айни пайтда Украина президенти урушни “Украина учун кучли мавқе”сиз музлатиб қўйишга қарши эканини таъкидлади. Чунки, унинг фикрича, акс ҳолда бир неча йилдан кейин Путин “яна ортга қайтиб, Украинани бутунлай вайрон қилади”. “Кучли мавқе” деганда Зеленский НАТО ва Европа Иттифоқидан хавфсизлик кафолати берилишини назарда тутмоқда.

Шунингдек, Украина президенти яна бир бор Киев Россия томонидан ўз ҳудудлари ишғол этилганини юридик жиҳатдан ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.

Бу ер бизнинг еримиз, бу одамлар бизнинг одамларимиз. У жойлар Украинанинг вақтинча ишғол этилган қисми, холос. Шубҳасизки, уларнинг ҳаммаси қайтади. Биз бу жойларнинг аксарияти дипломатик йўллар билан қайтишини жуда истардик”, деди Зеленский.

Украина билан Россия ўртасидаги муҳтамал музокаралар мавзуси сўнгги пайтларда дунёдаги сиёсий доиралар ва ОАВда тез-тез муҳокама қилинмоқда. Кремль вакиллари ўзлари илгари сураётган шартлар асосида тинчлик битими тузишга тайёр эканларини билдиришган. Бу шартлар орасида Украинанинг беш вилоятини (ҳатто ҳозирда Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган қисмларини ҳам) Россияники деб тан олиш каби моддалар бор. Киев бу шартларни “мутлақо номақбул” деб ҳисоблайди.