Украина президенти Володимир Зеленский 27 апрель куни украиналик ҳарбийларни доим ҳозир туришга чақириб, Россия қўшинлари чегара яқинига “исталган пайтда” қайтиши мумкинлигини билдирди.
Украина мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар билан уруш олиб бормоқда. Донбассдаги қуролли можаро 2014 йил баҳорида Россия томонидан Қрим яримороли аннексия қилинганидан кейин бошланган. Сўнгги ҳафталарда россиялик ҳарбийлар Украинанинг шимолий ва шарқий чегараларида тўплангани Киевда ва Ғарбда можаро кучайиши мумкинлиги юзасидан хавотир кайфиятини уйғотган. 23 апрель куни Москва ўз қўшинларини Украина чегарасидан олиб кета бошлаганини эълон қилди.
“Қўшинлар чекинаётгани армиямизнинг [россиялик] ҳарбийлар чегараларимизга исталган пайтда қайтиши мумкинлигига ҳозир бўлмаслиги кераклигини англатмаслиги лозим”, деди Зеленский украиналик ҳарбийларнинг Қрим яқинидаги мавқеларига ташрифи чоғида.
27 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинлардан бир қисмининг чегарадан чекинтирилиши Ғарб босими билан боғлиқ эмаслигини билдириб, Москва ўз ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган барча чораларни кўришда давом этишини қўшимча қилган. Айний пайтда Шойгу Россия яқинида НАТО кучлари ҳозирлигидан хавотир изҳор этган.