Украина президенти Владимир Зеленский уруш 2023 йилда тугаши мумкинлигига умид билдирди.
“Мен украиналиклар янги йилда, аммо тинч замонда, энг таъсирли одамларга айланишига ишонаман”, деди Зеленский Politico нашрига берган интервьюсида.
Мазкур нашр украин президентини Европада йилнинг энг таъсир кўрсатган шахси сифатида эълон қилган эди.
Зеленский интервьюсида Украинага ва украиналикларга “бу оғир паллада кўмак кўрсатаётган барча дўстларга” миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилганди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.
Россия президенти Владимир Путин эса 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.
Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.