Зеленский: Россияда эгалланган ҳудудлар музокаралар учун керак

Украина президенти Владимир Зеленский Киевдаги матбуот анжуманида, 2024 йил 27 августи

Украина президенти Владимир Зеленский 3 сентябрь куни NBC News телеканалига август ойи бошидаги кутилмаган ҳужум амалиёти натижасида эгаллаб олинган Россия ҳудудларини муддатсиз ушлаб туришни режалаётганини билдирди. Шу тариқа Киев Россия президенти Владимир Путинни музокара столига ўтқазишга уринмоқда.

“Бизга уларнинг ери керак эмас. Биз у ёққа Украинанинг турмуш тарзини кўчиришни хоҳлаётганимиз йўқ”, деган Зеленский.

Украина эгаллаб олинган ҳудудларни бундан буён ҳам назорат қилмоқчи, чунки, президентга кўра, бу урушни тугатиш ва “ғалаба режаси”нинг бир қисмидир. Зеленский бу режани Киевнинг иттифоқчилари ва халқаро ҳамкорларига тақдим этиш ниятида эканини маълум қилди.

Қарийб бир ой муқаддам Украина қўшинлари махфий амалиёт чоғида Россиянинг Курск вилоятига киришган. Эндиликда Киев Россиянинг қарийб 500 квадрат миллик ҳудудини назорат қилаётгани ва россиялик юзлаб асирни қўлга олганини иддао қилмоқда.

Зеленскийга кўра, 6 августдаги ҳужум амалиётининг мақсади россияликлар томонидан Украина чегараси бўйлаб буфер ҳудуди барпо этилишига тўсқинлик қилиш бўлган. Аввалроқ Путин Украина Қуролли кучлари томонидан Россиянинг чегараолди ерларига ҳужум қилинишининг олдини олиш учун Украинанинг чегара ҳудудини эгаллаб олишни ваъда қилган эди.

NBC News телеканали журналистининг “Украина режасига ҳужумларни давом эттириб, Россиянинг янада кўпроқ ҳудудини эгаллаб олишга уриниш ҳам кирадими?” деган саволига Зеленский “бу мавзуда гапиролмайман”, дея жавоб берган.

Зеленский NBC News’га Байден маъмурияти Курск йўналишида амалиёт ўтказилишини билмагани, чунки бу ҳатто Украина ичида ҳам қаттиқ қўриқланган сир бўлганини маълум қилган.

Аввалроқ Вашингтон бир неча марта Киевнинг Курск вилоятига оид режаларидан хабардор бўлмаганини билдирган эди.