Украина президенти Владимир Зеленский 13 август куни ўз мамлакати Қуролли кучлари айни пайтда Россиянинг Курск вилоятига қарашли 74 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини билдирди.
Зеленскийга кўра, “мураккаб ва шиддатли жангларга қарамай”, Украина Қуролли кучлари (УҚК) минтақада олға силжишда давом этмоқда. Шунингдек, Украина президенти асоратдаги украиналикларга алмаштириш учун россияликлар асирга олинганини назарда тутган ҳолда, ҳарбийлар “айирбошлаш фонди”ни кенгайтирганларини қайд этган. У асирга олинган россиялик аскарлар сонига аниқлик киритган эмас, бироқ улар сони “юзлаб” эканини айтган.
Аввалроқ Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Украина президентига украиналиклар томонидан назорат қилинаётган Россия ҳудуди кўлами минг квадрат километрни ташкил этаётгани ҳақида ҳисобот берган эди: бу Россия қўшинларининг бу йил Украинанинг Донецк ва Харьков вилоятларига ҳужум чоғида эгаллаб олган ҳудудидан сал кичикроқ. Бу ҳисоб-китоб мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас ҳамда кўплаб ҳарбий экспертлар ва таҳлилчилар томонидан танқид қилинмоқда.
Аввалроқ Курск вилояти губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Алексей Смирнов Россия президенти билан кенгаш чоғида Украина Қуролли кучлари минтақадаги 28 та аҳоли пунктини эгаллаб олганини эътироф этганди.
13 август куни Россия Мудофаа вазирлиги ва Чеченистоннинг Курск вилояти ҳудудидаги “Ахмат” бўлинмаси вакиллари Украина қўшинларининг олға силжиши тўхтатилгани ва эндиликда уларни минтақадан суриб чиқариш бўйича иш олиб борилаётганини билдиришган эди. Владимир Путин иддаосича, “УҚКнинг сара бўлинмалари” томонидан “ўта оғир” талафотлар берилмоқда.
Шу куннинг ўзида Украинанинг уруш ҳодисаларини ёритиб бораётган телеграм-каналларида қўшинларнинг Россия ҳудуди ичкариси томон силжиётганига оид бир неча видео ёйинланган.
Шунингдек, Украина нашрларида Россия мунтазам армиясининг асирга тушаётган ўнлаб аскари акс этган роликлар тез-тез пайдо бўлиб турибди. Бу аскарларнинг кўпчилиги камерага қараб ўз исмлари ва хизмат қилган ҳарбий қисмлари рақамларини айтишиб, ўзларини Россияда асирликда тутиб турилган Украинанинг “Азов” полки ҳарбийларига алмаштиришни сўрашмоқда.
Аввалроқ Украина томонидан Курск вилоятидаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган жангчилар асирга олинган россияликлар айнан “азовчилар”га алмаштирилиши, чунки улар, украиналиклар иддаосича, Россияда шафқатсиз равишда қийноққа тутилаётганини айтишган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги асирлар акс этган роликлар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бераётгани йўқ. “Ахмат” бўлинмаси командири Апти Алаудинов УҚК Чеченистондан бўлган бир неча россиялик ҳарбий асирга тушганини тан олган.