Зеленский парламентда йиллик мурожаат билан чиқиш қилишини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский тез орада мамлакат ташқи ва ички тўғрисидаги йиллик мурожаат билан Олий Радада чиқиш қилишга ваъда берди. 27 декабрь кунги видеомурожаатида у жорий ҳафта мамлакат учун муҳим бўлишини қайд этди.

Ҳафта “Украина учун сиёсий нуқтаи назардан аҳамиятли” бўлишини айтган Зеленский украиналиклар янги йилда миллий ҳадафларни ёдда сақлашлари лозимлигини қўшимча қилган.

“Бу мақсадлар сирасига Украина ҳудудларини Россия қўшинларидан озод қилиш, Украинани қайта тиклаш, украиналикларни ватанга қайтариш кабилар киради”, деган Зеленский.

У 27 декабрь куни Киевда украиналик ҳарбийларнинг кейинги йилдаги ҳаракат режаси, фронтдаги вазият, шунингдек, Украинанинг банк тизимидаги аҳвол ҳамда Халқаро валюта фонди билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини маълум қилган. Зеленскийга кўра, йиғиндаги мавзулардан яна бири Италия бош вазири ва BlackRock инвестиция жамғармаси раҳбари билан музокаралар бўлган.