Украина президенти Владимир Зеленский халққа мурожаат билан чиқди. У мурожаатида 16 феврални Украина Бирдамлик куни деб эълон қилди ва бу ҳақдаги фармонни имзолаганини билдирди.
“Шу куни биз миллий байроқларимизни илиб, мовий-сариқ ленталарни тақамиз ва жаҳон ҳамжамиятига бирдамлигимизни кўрсатамиз”,-деди Зеленский ўз мурожаатида.
Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг Spiegel нашри Россия Украинага 16 февраль куни уруш эълон қилиш эҳтимоли борлиги тўғрисидаги хабарларни тарқатган эди.
Зеленский ўз мурожаатида Украина армияси уникал жанговар тайёргарликка эга эканини таъкидлаган ҳолда, Донбасс ва Қримни Украинага қайтариш жараёни фақат дипломатик йўл билан амалга оширилишини айтди.
АҚШ ва қатор давлатлар расмий вакиллари Россия Украинага исталган пайтда ҳужум қилиш қудратига эга экани тўғрисида баёнот берганди. Аммо Кремль бундай нияти йўқлигини айтиб келган.
15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина чегараси атрофига йиғилган аскарлар ва ҳарбий техника ҳарбий машғулотлар якунлангани ортидан ўз доимий манзилларига қайтарилаётганини билдирган.