Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 21 март куни кечқурун юз берган шиддатли зилзила оқибатида Ўзбекистонда “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмагани”ни ҳамда “бино ва иншоотларга зарар етмагани”ни билдирди.
“Ўз навбатида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан саросимага тушмасликни ва ваҳимага берилмасликни сўраб қолади”, дейилади расмий билдирувда.
21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 балли зилзила юз бергани хабар қилинган эди.
Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.
Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.