Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хўст вилоятларида юз берган зилзилада ҳалок бўлганлар сони камида 920 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Толибон ҳукумати вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди.
Associated Press агентлигининг ёзишича, зилзилада камида 600 киши жароҳатлангани билдирилди. Толибон ҳукумати вакиллари қурбонлар сони яна ўсиши мумкинлигини айтмоқдалар.
Толибон ҳукуматининг Табиий офатлар олдини олиш агентлиги раҳбари Муҳаммад Нассим Ҳаққон ўлганларнинг асосий қисми Пактия вилояти аҳолиси эканини, Нангарҳор ва Хўст вилоятларида ҳозирда ҳалок бўлганларни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдирди.
Аввалроқ Афғонистон жануби-шарқида 22 июнга ўтар кечаси рўй берган 6,1 магнитудали ер қимирлаши оқибатида 250 чоғли киши ўлгани, камида 150 киши тан жароҳати олгани хабар қилинган эди.
Афғонистонда кузатилган ер қимирлаши Ўзбекистоннинг ҳам тўрт вилоятида сезилган. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, зилзила кучи Сурхондарё вилоятида 3 балл, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2 баллни ташкил этган.