Украинага босқинни танқид қилган қўшиқчи Наргиз Зокировага Россияга кириш 50 йилга тақиқланди

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан эл оғзига тушган эди.

Ўзбекистонлик қўшиқчи Наргиз Закирова Кремль Украинага уруш очганини танқид қилгани учун 50 йил мобайнида Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилди, деб хабар берди 25 май куни “Настояшчее время” телеканали.

Хабарда таъкидланишича, Зокирова Москванинг Домодедово аэропортига етиб келганида Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари унга бу борадаги ҳужжатни топширган. Ҳужжатда “Давлат хавфсизлигини тақиқлаш мақсадида” Зокированинг Россияга кириши тақиқлангани қайд этилган. Шундан сўнг Зокирова аэропортдан Ўзбекистонга қайта учишга мажбур бўлган.

“Белгиланган муддат якунланган пайтда Зокирова 101 ёшга тўлган бўлади”, -дейилади “Настояшчее время” телеканали хабарида.

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи 1995 йилда Қўшма Штатларга кўчиб кетган ва Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан эл оғзига тушган эди.