Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди 11 ноябрь куни 15 ёшли қизни зўрлаган жисмоний тарбия ўқитувчиси А. Х., ва унинг шериклари Б. Г., ва М. М., га ҳукм ўқиди.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, А. Х., Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Унинг шериклари Б. Г., ва М. М., Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
15 ёшли қизнинг зўрланиши юзасидан суд жараёнини кузатиб борган Nemolchi.uz лойиҳасининг билдиришича, қизнинг онаси суд қароридан норози ва у ушбу шахслар Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) бўйича жазоланишига эришмоқчи. Мазкур модданинг “а” бандига асосан зўрловчилар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Миробод туманидаги мактабларнинг бирида 2021 йил 27 апрель куни жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг шериклари 15 ёшли ўқувчи қизни зўрлагани ва зўрловчилардан 2 нафари жиноий жавобгарликдан қутулиб қолгани тўғрисида биринчи бўлиб Nemolchi.uz август ойида хабар берган эди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ зўрлашда иштирок этган барча шахслар қўлга олинганини, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 128- моддаси ( ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) моддаси асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.