АҚШ Конгресси Жо Байден ғалабасини тасдиқлади

Жо Байден

АҚШ Конгресси икки палатасининг қўшма мажлисида демократ Жо Байден ғалабаси тасдиқланиб, президент сайлови натижалари сертификация қилинди.

Конгресс томонидан сайловнинг сертификация қилиниши АҚШда сайланган президентни тасдиқлашнинг мажбурий якуний босқичи бўлиб ҳисобланади. Бу жараённинг ўтказилиши АҚШ Конституциясида талаб ўлароқ ёзиб қўйилган.

Мазкур талабга мувофиқ, конгрессменлар 14 декабрь куни бўлиб ўтган сайловчилар ҳайъатининг овоз бериш натижаларини сертификация қилишлари лозим.

Сайловчилар ҳайъати бу куни Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаганди. Байденга 306 сайловчи, Дональд Трампга эса 232 сайловчи овоз берган. Ғалаба учун 270 та овоз тўплаш керак.

Жо Байденни қасамёдга келтириш маросими шу йил 20 январида бўлиб ўтиши кутилмоқда.