Австралияда “терроризм тарғиботи” учун озодликдан маҳрум этилган ва 3,5 йил қамоқхонада ўтирган тожикистонлик олим Абдусалом Одиназода озодликка чиқди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
Одиназода 2022 йилнинг 22 декабрида Австралиянинг Перт шаҳридаги уйида қўлга олинган эди.
Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда тожикистонлик олим ўзининг қамоқ муддати 19 июнь куни тугаганини маълум қилган.
Одиназода Ғарбий Австралия университетида ўн йилдан кўпроқ ишлаган биохимик олимдир. Расмий маълумотларга кўра, Абдусалом Одиназода YouTube видеопорталига “Тожикистонда ҳокимиятни ағдариб ташлаш ва халифалик барпо қилиш чақириғи билан” бир неча видео жойлаштиргани ортидан 2020 йил февралида Австралия полицияси назарига тушган.
Австралия нашрларининг ўша пайтда ёзишича, тергов бошланганидан икки ой ўтиб, Австралия федерал полицияси 54 ёшли олимнинг уйида тинтув ўтказиб, қатор электрон жиҳозларни мусодара этган. Бироқ собиқ биохимикка террор тарғиботига оид расмий айблов фақат 2020 йил декабрига бориб эълон қилинган. Мазкур айблов бўйича маҳаллий қонунчиликда 6 йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилган.
“Озоди” радиоси билан суҳбатда Одиназода ўша пайтда австралиялик расмийлар у томонидан Интернетга жойланган 16 та видеони текширишиб, уларда “террор ташвиқоти” мавжуд деган хулосага келишган. Одиназодага кўра, судда у бутун айбни бўйнига олган эмас, бироқ ўша пайтда шартли “қизил чизиқ”дан ўтиб кетганини тасдиқлаган.
Австралия округ судида Одиназода иши бўйича ўша пайтда бўлиб ўтган маҳкама жараёнида “судланувчи ўз видеоларида Афғонистондаги “Толибон” ҳамда Суриядаги “Ислом давлати”нинг илҳомлантирувчи таъсири ҳақида гапирган”и қайд этилган. Бу видеороликлар, судда билдирилишича, 1,6 миллион мартадан кўпроқ кўрилган, уларни томоша қилганларнинг 78 фоизи Россия Федерацияси, 12 фоизи Тожикистонга тўғри келган.
Абдусалом Одиназода ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини бундан буён ҳам давом эттиришини, бироқ эндиликда “янада эҳтиёткорроқ бўлиши”ни айтган.
“Эндиликда мен “судланган” деган тамға билан университетдаги ишимга қайта олмайман. Ҳозирда мен давлат томонидан ишсизларга бериладиган нафақа ҳисобига кун кечиряпман”, деган у.
Ҳозирда 56 ёшга кирган Абдусалом Одиназода узоқ йиллардан бери Австралияда истиқомат қилади ва бу мамлакат фуқаролигига эга. У орада бир муддатга Тожикистонга қайтиб, ўша ерда ишлаган, бироқ кейин яна Австралияга чиқиб кетган.
Олим Тожикистонда “экстремизм” моддаси бўйича қидирувга берилган: тожик расмийлари 2018 йилда Абдусалом Одиназодага нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси – Интернет орқали экстремистик фаолиятга чақириш ва конституцион ҳокимиятни куч билан ўзгартиришга чақириш бўйича жиноят иши очилганини маълум қилишган.