“Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзолар етарли эмас, шунинг учун мазкур партияни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Расман билдирилишича, партия вазирликка тақдим этган ҳужжатлар икки марта ўрганиб чиқилди ва “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмагани аниқланди.
Вазирликнинг таъкидлашича, партияни рўйхатдан олиш учун 20 минг имзо керак бўлади, аммо “Ҳақиқат ва тараққиёт” фақат 9 873 та имзо йиққан.
“Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди”,-дейилади хабарда.
Озодлик 20 июнь куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилгани ҳақида мақола эълон қилган.
Бундан аввалроқ партия асосчиси Хидирназар Аллақулов бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига учраган эди.