Алексей Навальний Россияда федерал қидирувга берилди

Алексей Навальний Европа парламентида онлайн чиқиш қилмоқда. 27 ноябрь 2020 йил.

Россия Жазони ўташ федерал хизмати Кремль танқидчиси бўлган мухолифатчи Алексей Навальнийни федерал қидирувга берди. Федерал хизматнинг билдиришича, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида назорат тартибида қайддан ўтмай келмоқда.

Навальний 20154 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.

Ўтган йилнинг 30 декабрида Навальнийнинг жазо муддати якунланиши лозим эди. Шу муносабат билан Жазони ўташ федерал хизмати 28 декабрда уни назорат қайдидан ўтиш учун чақирган. Январь ойида эса хизмат суддан Навальнийнинг шартли қамоқ жазосини реал қамоқ жазосига алмаштиришни илтимос қилди. Суд бу аризани қаноатлантирса, Навальний 35 йилга қамалиши мумкин.

Айни пайтда Германияда даволанган Алексей Навальний Россияга қайтаётганини ва 17 январга Москва рейсига чипта сотиб олганини маълум қилди.

Навальний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиш аломатлари билан Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга етказилган. Бир неча лаборатория унинг Россияда ишлаб чиқилган “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини тасдиқлаган. Берлиндаги шифохонадан чиққанидан кейин у Германияда реабилитациядан ўтган.