Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган рус мухолифати лидери Алексей Навальний “қонунга амал қилиш” ва “ўз олдига врачни киритиш” талаби билан очлик эълон қилди. Навальний адвокатлари орқали бу борада чиқарган баёнот сиёсатчининг Инстаграм саҳифасида эълон қилинди.
“Мен врачни чақиртириш ва дори-дармон олиш ҳуқуқига эгаман. Бу ишни қилишга йўл беришмаяпти. Белимдаги оғриқ оёғимга ўтди. Ўнг ва чап оёғимнинг айрим қисмлари сезгирликни йўқотди”,-дейилади баёнотда.
Мухолифатчининг айтишича, қамоқхона маъмурияти унга тиббий кўмак кўрсатиш ўрнига “уйқусизлик билан жазоламоқда”. Баёнотда Навальний нозирлар уни тунда камида “саккиз мартадан уйғотаётганлари”ни ёзган. Сиёсатчи бунинг ортидан очлик эълон қилган.
Жазони ўташ федерал хизмати 31 март куни Навальнийга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани тўғрисида билдирган эди.