Ўзбекистонда президентнинг 4 февралдаги 4977-сон қарори билан Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди.
Мазкур фонд Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Қарорга асосан Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиб, мукаммал илмий нашрларини яратиш ҳамда уларни республикада ва чет элларда нашр этиш вазифаси ҳам фонд нваколатида бўлади.
Шунингдек, фонд Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашади.
Аввалроқ жорий йилнинг 9 феврали арафасида Ўзбекистондаги барча масжидларда Навоий ҳақига қуръон хатм қилиниб, дуо ўқилиши хабар қилинган эди.
Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби ҳамда кўплаб адабий, тарихий, илмий ва диний-маърифий асарлар муаллифи Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралида туғилган. Бу йил Ўзбекистонда мутафаккирнинг 580 йиллиги кенг нишонлаши кутилмоқда.